09:09, 07 Июн 2022 | GMT +6
Ўзбекистонда кўп квартирали уй-жойлар зилзилабардошлик бўйича хатловдан ўтказилади
TASHKENT. Kazinform – Ўзбекистон Фанлар академияси, илмий тадқиқот институтлари, масъул вазирликлар мутасаддилари иштирокида кўп квартирали уй-жойларни сейсмик хатловдан ўтказиш кераклиги маълум қилинди. Бу ҳақда Kazinform Rasmiy_xabarlar Telegram-каналига таяниб хабар беради.
Хатлов натижасига кўра эксплуатация муддатини ўтаб бўлган сейсмик заиф ва авария аломатлари аниқланган кўп квартирали уй-жойлар ўрнида босқичма-босқич янги уй-жойлар қуриш бўйича таклифлар маҳаллий давлат ҳокимияти органларига киритиб борилади.
Бунда, сейсмик заиф уй-жойларни таъмирлаш ёки янгисини қуриш, уй-жойларда яшаётган ахолининг тўла хақ-хуқуқини таъминлаган ҳолда амалга оширилиши шартлиги таъкидланди.
Маълум қилинишича, Ўзбекистоннинг 78 % ер майдони сейсмик фаол ҳудудларда жойлашган бўлиб, MSK-64 шкаласи бўйича 6 ва ундан юқори баллик ер силкинишлари доимий равишда содир бўлиши кузатилади.
Фото: Kazinform