Ўзбекистон техникаси тошқиндан зарар кўрган Мақтаарал туманида пахта экмоқда

None
None
MAQTAARAL. Kazinform – ҚР Туркистон вилояти Мақтаарал туманидаги сув босган далаларни тиклаш ишлари бошланди. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Жиззах ва Сирдарё вилоятларидан 40 та махсус техника ва 243,6 тонна чигит келтирилди, дея хабар беради Kazinform мухбири.

Қўшни давлатдан келтирилган техникаларнинг 15 таси чизель агрегати, 11 таси қаторлараро культиваторлар, 14 таси эса экиш мосламаси. Ҳозирда ушбу техника ва мутахассислар суви тортилган аҳоли пунктларида фермерларга ёрдам бериб, пахтасини экиб бермоқдалар. Масалан, Ж.Нурлибаев овул округи Қарақир қишлоғидаги «Жаманқул» фермер хўжалиги 7 гектар майдонда ўзбек техникалари ёрдамида пахта экди.

«Ўзбек техникалари ёрдамида сув босган 7 гектар майдонга пахта экдим. Қўшни биродарлар нафақат ускуналар, балки ёнилғи-мойлаш материаллари билан ҳам таъминлашди. Шубҳасиз, бу биз каби фермерларга, йўқотишларни бошдан кечираётганларга жуда катта ёрдамдир», - дейди фермер хўжалиги аъзоси Жандас Сапархан.



Эслатиб ўтамиз, тошқин оқибатида Мақтаарал туманида жами 7,5 минг гектар экин майдони зарар кўрган. Шундан 5035 гектари Жанажол овул округига тегишли. Ўзбек техникаларининг аксарияти шу овул округига тарқатилади. Бундан ташқари, Енбекши қишлоқ округининг Жана Турмис ва Жантақсай овулларидаги 113,31 гектар экин майдонини қайта ишлаш учун ҳам ўзбек техникалари ажратилди. Шунингдек, Ж.Нурлибоев овул округининг Қарақир қишлоғида 61,8 гектар майдонга қайта пахта экилмоқда.



«Қўшни давлатдан келтирилган техникага бўлган талаб кундан-кунга ошмоқда. Деҳқонлар сув босган далаларга май ойида пахта экиб бўлиш кераклигини билишади. Шунинг учун улар далаларини қайта тиклаш учун кечаю кундуз меҳнат қилмоқдалар», - дейди туман қишлоқ хўжалиги бўлими мутахассиси Жарқинбек Мирзалиев.



Муаллиф: Айнур Ақбаева
Сўнгги хабарлар