Ўтган йилда ишлаб чиқариш саноати Қозоғистонда ЯИМнинг қарийб 14 фоизини ташкил этди

None
None
NUR-SULTAN. Kazinform – Ўтган йили Қозоғистонда ишлаб чиқариш саноатининг ЯИМдаги улуши 2,3 фоизга ошиб, 13,7 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Бишкекда Қозоғистон Бош вазири ўринбосари – Савдо ва интеграция вазири Бахит Султанов маълум қилди, дея хабар беради Kazinform мухбири.

«Қозоғистон Ҳукуматининг устувор йўналиши – қайта ишланган маҳсулотлар ишлаб чиқариш корхоналарини кўпайтириш, маҳаллийлаштириш ҳажмини ошириш, қўшилган қийматнинг янги занжирларини яратиш ва иқтисодиётни диверсификация қилиш. Шунингдек, саноатлаштиришнинг учинчи беш йиллик режаси доирасида ишлаб чиқариш саноатининг ички ва ташқи бозорда рақобатбардошлигини ошириш мақсад қилинган», — деди Бахит Султанов.

Бош вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, бу ишлаб чиқариш саноатини технологик ривожлантириш ва рақамлаштириш, ўрта ва юқори технологияли маҳсулотлар турларини кенгайтириш, базавий тармоқларни ривожлантириш ва стратегик лойиҳаларни амалга ошириш орқали амалга оширилади.

«Охирги икки йил давомида ижобий натижага эришдик. 2021 йилда ялпи ички маҳсулот таркибида ишлаб чиқаришнинг улуши 2018 йилга нисбатан 2,3 фоизга ошиб, 13,7 фоизни ташкил этди. Ишлаб чиқариш соҳасининг умумий қўшилган қиймати ўтган йили 2018 йилга нисбатан 53 фоизга ошиб, 10,8 триллион тенгега етди. Бундан ташқари, ўтган йили «Саноат сиёсати тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди. Унда иқтисодиётнинг реал секторини ривожлантириш бўйича янги ёндашувлар тасдиқланади», — деди у.

Б.Султановнинг таъкидлашича, саноат сиёсати тўғрисидаги қонуннинг қабул қилиниши натижасида экспортга йўналтирилган самарали корхоналар, ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан қоплашга алоҳида эътибор қаратилди.

Бундан ташқари, янги қонунда давлат томонидан қўллаб-қувватлашни комплекс рағбатлантириш тизимига ўтказиш ва соҳадаги устуворликлардан воз кечиб, аниқ маҳсулотлар ишлаб чиқаришга йўналтириш кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, Бишкекда биринчи Евроосиё иқтисодий форуми бўлиб ўтмоқда.

Унда Қозоғистон киберхавфсизлик соҳасида эришган ютуқларини ЕОИИ мамлакатлари билан ўртоқлашишга тайёрлиги маълум қилинди.

Муаллиф: Али Ибраев

Сўнгги хабарлар