«Марказий Осиё – Хитой» ташқи ишлар вазирлари учрашуви якунланди

None
None
NUR-SULTAN. Kazinform – Қозоғистон Бош вазири ўринбосари – Ташқи ишлар вазири Мухтар Тлеуберди Нур-Султан шаҳрида бўлиб ўтган «Марказий Осиё – Хитой» форматидаги ташқи ишлар вазирларининг учинчи учрашуви якунларини сарҳисоб қилди, деб хабар беради Kazinform мухбири.

«Бугун Нур-Султанда ташқи ишлар вазирларининг Марказий Осиё – Хитой форматидаги учинчи учрашуви муваффақиятли якунланди. Мазкур платформани яратиш ташаббуси Хитой томони томонидан 2020 йилда Хитой билан кўп қиррали алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича минтақа давлатларининг саъй-ҳаракатларини ошириш, шунингдек, минтақалараро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида илгари сурилган. Қисқа вақт ичида ушбу формат ишонч, яхши қўшничилик муҳитини мустаҳкамлаш, минтақавий ва халқаро муаммоларнинг ўзаро манфаатли ечимларини конструктив излашга қодир бўлган ҳар томонлама ҳамкорликнинг энг самарали ва истиқболли институтларидан бири эканлигини исботлади», —деди Мухтар Тлеуберди.

Вазир бугунги учрашув жуда самарали ва мазмунли ўтганини таъкидлади.

«Дўстлик, очиқлик ва прагматизм руҳидаги анъанавий фикр алмашувидан мамнунмиз. Йиғилиш иштирокчилари «Марказий Осиё – Хитой» формати ўз мақсадларига эришиб, салоҳияти ва самарадорлигини йилдан-йилга ошириб боришига келишиб олдилар. Мулоқот доирасида биз ҳар томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш, унинг салмоқли салоҳиятини юзага чиқариш ва Марказий Осиё минтақасини тинчлик, дўстлик, ўзаро ёрдам, барқарор тараққиёт ва тотувлик маконига айлантиришдан манфаатдор эканимизни яна бир бор тасдиқлаймиз. Мазкур учрашув мамлакатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигига бағишлангани жуда муҳим», — деди у.

Вазир жорий йилнинг энг муҳим воқеаси Марказий Осиё давлатлари ва Хитой раҳбарларининг 25 январ куни бўлиб ўтган саммити бўлиб, унда ҳамкорликнинг асосий йўналишлари атрофлича муҳокама қилингани, халқаро ва минтақавий кун тартибининг долзарб масалалари муҳокама қилинганини таъкидлади.

«Мамлакатларимиз давлатлар раҳбарлари томонидан илгари сурилган ташаббусларни амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси»нинг қабул қилиниши олдинга қўйилган муҳим қадам бўлди. Ушбу ҳужжат хавфсизлик, транспорт ва логистика, энергетика, саноатни модернизация қилиш, иқлим ўзгариши, «яшил» иқтисодиёт, IT-индустрия, соғлиқни сақлаш, таълим, маданият, туризм ва бошқа муҳим соҳаларни қамраб олади. Томонлар, шунингдек, Марказий Осиё минтақаси ва Хитой ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш ва маълумотлар хавфсизлиги соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича тегишли ташаббусларни маъқулладилар. Учрашув якунида қабул қилинган иштирокчи давлатлар ташқи ишлар вазирларининг қўшма баёнотида бугунги учрашув давомида ўтказилган самарали маслаҳатлашувлар якунлари сарҳисоб қилинди. Бугун Қозоғистон ушбу форматдаги раисликни якунлади. Вазирларнинг қўшма қарорига мувофиқ ушбу муҳим вазифа – навбатдаги тўртинчи форумни бошқариш Хитой Халқ Республикасига ўтказилди. Бугунги учрашувда жамоа бўлиб амалга оширилган ишлардан мамнун эканимизни билдирар эканмиз, минтақа давлатлари ушбу форматдаги кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлашдан тўлиқ манфаатдор эканини яна бир бор тасдиқлаймиз. Ишончимиз комилки, бугунги учрашув ва унинг натижалари мулоқотимиз доирасидаги ўзаро манфаатли ҳар томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш учун мустаҳкам пойдевор бўлиб, минтақамизни тинчлик, дўстлик, барқарорлик, ўзаро ёрдам, барқарор тараққиёт ва тотувлик маконига айлантиришга ҳисса қўшади», — деди ҚР Ташқи ишлар вазири.

Муаллиф: Марлан Жиембай

Сўнгги хабарлар