ҚР Таълим ва фан вазирлиги: Қозоғистонликлар ўнта мамлакатда бепул ўқишлари мумкин

None
None
NUR-SULTAN. Kazinform - Таълим ва фан вазирлиги ташаббуси билан тузилган ҳукуматлараро битимлар доирасида қозоғистонликлар текин ўқиши мумкин бўлган давлатлар сони кўпайди, деб хабар беради Kazinform Қозоғистон Таълим ва фан вазирлиги матбуот хизматига таяниб.

Словакия, Озарбайжон ва Вьетнам қозоғистонликларга грант беришни бошлайди. Шундай қилиб, агар 2019 йилда таълим соҳасида битимлар тузилган давлатлар рўйхатида 7 та давлат бўлса, 2021 йилда уларнинг сони 10 тага етди.

Улар қаторига Венгрия, Польша, Хитой, Украина, Беларусь, Қирғизистон ва Тожикистон киради. Охирги икки йил мобайнида мингга яқин қозоғистонлик бу мамлакатларнинг етакчи олий ўқув юртларида бепул ўқиди. Бу йил қозоғистонликларга 500 га яқин грант ажратилди. Таъкидлаш жоизки, ҳукуматлараро грантлар доирасида қозоғистонликлар бакалавр, магистр, докторантура ва резидентура дастурлари бўйича ўқишлари мумкин.

«Олий таълим соҳасидаги халқаро ҳамкорлик инсон ресурсларига самарали таъсир кўрсатади. Маҳаллий олий ўқув юртларида ўқув жараёнининг сифатини кучайтириш билан бирга, фуқароларимизга дунёнинг етакчи олий ўқув юртларида ўқиш имкониятига эга бўлишлари учун шароит яратиш керак. Биз нафақат «Болашақ»(келажак) стипендияси дастури доирасида, балки ҳукуматлараро келишувлар доирасида ҳам қозоғистонликларнинг бепул таълим олиши учун мамлакатлар географиясини кенгайтирмоқдамиз. Умид қиламизки, ўз ватанига қайтгач, мутахассислар олган билимларини ўзлари ишлаётган соҳани ривожлантириш учун қўллайдилар, - деди ҚР Таълим ва фан вазири ўринбосари Қуаниш Ерғалиев.

Эътибор беринг, 2019 йил билан таққослаганда саралаш танловида иштирок этишни истаганлар сони 15 фоизга ошди. Абитуриентларни танлаш депутатлар, экспертлар, олимлар, муҳандислик, тиббиёт, гуманитар ва табиий фанлар докторларидан иборат мустақил комиссия томонидан амалга оширилади.

Ҳукуматлараро келишувлар оператори Қозоғистон Республикаси Таълим ва фан вазирлигининг Халқаро дастурлар маркази ҳисобланади.

Эътибор беринг, аввалроқ Қозоғистон Республикаси Таълим ва фан вазири ва Европа Иттифоқининг Қозоғистондаги элчиси иштирокида ўтган Қозоғистон-Европа форумида томонлар таълим соҳасида биргаликдаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишган.

Сўнгги хабарлар