ҚР Сенати муаммоли кредитлар тўғрисидаги ҳужжатни қабул қилди

None
None
NUR-SULTAN. Kazinform – Бугун ҚР Парламенти Сенатининг ялпи мажлисида «Қозоғистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига стрессли активлар бозорини ривожлантириш масалалари бўйича ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди, деб хабар беради Kazinform мухбири.

«Стрессли активларнинг 4 та гуруҳи мавжуд. 90 кундан ортиқ муддатга кечиктирилган кредитлар - 870 миллиард тенге, қайта тузилган кредитлар - 936 миллиард тенге, ундирилган активлар - 156 миллиард тенге ва банкларнинг стрессни бошқариш бўйича шўъба корхоналари активлари - 356 миллиард тенге. Давлат маблағларини жалб қилмасдан банклар балансини муаммоли кредитлардан тозалашнинг бозор механизмини яратиш муҳим аҳамиятга эга. Шу нуқтаи назардан, стрессли активлар учун ликвид бозорни ривожлантириш керак. Стрессли активлар бозорини яратиш мақсадида ушбу қонун лойиҳасида 4 та қонунга ўзгартиришлар киритиш назарда тутилган», - деди ҚР Молия бозорини тартибга солиш агентлиги раиси Мадина Абилқасимова.

Унинг айтишича, биринчидан, қонун лойиҳаси стрессли активларнинг ваколатли харидорлари рўйхатини хусусий инвесторларни ҳам киритиш орқали кенгайтиришни назарда тутади.

«Ҳозирда «Банклар тўғрисида»ги қонуннинг 36-1-моддасига асосан ваколатли харидорлар рўйхатига иккинчи даражали банклар, стрессли активларни бошқариш бўйича банкларнинг шўба корхоналари, Муаммоли кредитлар жамғармаси, коллектор агентликлари ва бошқа молия институтлари киритилган. Шу билан бирга, рўйхат кенгайтирилиб, банклар ва микромолия ташкилотларининг стрессли активларини хусусий инвесторларга сотиш ҳуқуқи берилади. Хусусий инвесторларга фақат юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг муаммоли кредитларини сотиб олишга рухсат берилади. Қонун лойиҳасида қарз олувчилар – жисмоний шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун инвесторларга кредитлар сотиш назарда тутилмаган», — деди Агентлик раиси.

Иккинчидан, қонун лойиҳасида сервис компаниялари институтини ташкил этиш кўзда тутилган. Улар инвесторларга муаммоли кредитлар бўйича хизмат кўрсатиш ва бошқаришни таъминлайди.

«Тегишли тажриба ва малакага эга бўлган банкларнинг стрессли активларини бошқариш бўйича хизмат кўрсатувчи компаниялар функцияларини шўъба ва коллектор агентликларга ўтказиш таклиф этилмоқда. Хизмат кўрсатувчи компаниялар активларни виждонан бошқарадилар, ўзларининг тиклаш стратегияларини ишлаб чиқадилар ва муаммоли активлар эгаларига бошқа хизматларни тақдим этадилар. Ҳуқуқий даражада хизмат кўрсатувчи компанияларга капитал миқдори, бозордаги тажриба, мукаммал ишбилармонлик обрўсининг мавжудлиги каби юқори талаблар қўйилади. Агентлик белгиланган талабларга жавоб берадиган хизмат кўрсатувчи корхоналар реестрини юритади ва улар тўғрисидаги маълумотларни ўз веб-сайтида эълон қилади. Бу қарз олувчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қўшимча механизмини таъминлайди, чунки бу ташкилотлар Агентлик томонидан тартибга солинади», — деди Мадина Абилқасимова.

«Қонун лойиҳасида мусодара қилинган мол-мулк, яъни банкка ўтказилган мол-мулкнинг банклар ва микромолия ташкилотлари балансида бўлиши учун максимал 3 йил муддат белгилаш кўзда тутилган. Бу банклар ва микромолия ташкилотларини стрессли активларни тезда иқтисодий муомалага олиб киришга ундайди», - деди Агентлик раҳбари.

Муаллиф: Руслан Ғаббасов

Сўнгги хабарлар