ҚР Президенти Туркманистон Президенти билан телефон орқали суҳбатлашди

None
None
NUR-SULTAN. Kazinform – ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди, деб хабар беради Kazinform Ақордага асосланиб.

Қўшни давлатлар Президентлари кўп қиррали қозоқ-туркман ҳамкорлигини ривожлантириш истиқболлари, икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатларни ва стратегик шерикликни мустаҳкамлаш тўғрисида фикр алмашдилар.

Қасим-Жомарт Тоқаев қардош икки халқ манфаатлари йўлида Қозоғистон Туркманистон билан кўп томонлама муносабатларни янада ривожлантиришга тайёрлигини айтди.

Гурбангули Бердимуҳамедовнинг сўзларига кўра, Қозоғистон Марказий Осиёда Туркманистоннинг асосий шериги ҳисобланади.

Президентлар Қозоғистон ва Туркманистон ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва саноат, қишлоқ хўжалиги, энергетика, транспорт ва логистика соҳаларида лойиҳаларни амалга ошириш учун кучларни бирлаштиришга тайёрлигини тасдиқладилар.

Томонлар икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликка қўшимча туртки бериш учун ҳукуматлараро комиссиянинг йиғилишини шу йил ўтказишга келишиб олдилар.

Қозоғистон Президенти ўзаро келишув асосида, кейинги Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги консультатив учрашувини Туркманистон пойтахтида, ўтказилишини қўллаб-қувватлашини билдирди. Бундан ташқари, Қасим-Жомарт Тоқаев Туркманистон раҳбарига Қозоғистоннинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашидаги ташаббусларини қўллаб-қувватлагани, шунингдек, Осиёда ўзаро ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича конференцияда кузатувчи сифатида қатнашгани учун миннатдорлик билдирди.

Гурбангули Бердимуҳамедов икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш ва муҳим келишувларни имзолаш учун Қасим-Жомарт Тоқаевни Туркманистонга ташриф буюришга таклиф қилди.

Қозоғистон Президенти туркман ҳамкасбига отасининг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди.

Сўнгги хабарлар