Қозоғистон ва Ўзбекистон бош вазирлари «Марказий Осиё» халқаро марказини ишга туширишди

None
None
NUR-SULTAN. Kazinform – Қозоғистон Бош вазири Асқар Мамин ва Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасидаги «Ипак йўли» назорат-ўтказиш пунктида музокаралар ўтказдилар ва «Марказий Осиё» халқаро савдо-иқтисодий ҳамкорлик маркази қурилиш майдончасида капсула қўйиш маросимида иштирок этишди, деб хабар беради Kazinform primeminister.kz сайтига асосланиб.

Томонлар савдо-иқтисодий, сармоявий, қишлоқ хўжалиги, транзит-транспорт, туризм, космик, саноат кооперацияси, трансчегаравий сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва муҳофаза қилишнинг долзарб масалаларини, шунингдек, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги минтақалараро ва трансчегаравий ҳамкорликни муҳокама қилдилар. Автомобилсозлик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишга, шунингдек, «Туркистон-Чимкент-Тошкент» тезюрар темир йўл қурилишига алоҳида эътибор қаратилди. Музокаралар якунида А.Мамин ва А.Арипов «Марказий Осиё» ҲСИМ фаолиятини ташкил этиш бўйича тадбирлар режасини, шунингдек темир йўл транспортини ривожлантириш бўйича қўшма ҳаракатлар тўғрисида протоколни имзолади.



«Марказий Осиё» ҲСИМ «Жібек жолы» (ҚР) ва «Ғишт Кўприк» (ЎР) назорат-ўтказиш пунктлари ҳудудида жойлашган бўлади. Марказнинг умумий майдони 400 гектарни ташкил этади, ҳар икки йўналишда кунига 35 минг кишини ва 5 минг юк машинасини ўтказиш имконияти мавжуд. Марказ Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун йирик саноат ва савдо-логистика майдончасига айланиши кўзда тутилган. Саноат кооперациясининг энг истиқболли йўналишлари қайта ишлаш сектори, қишлоқ хўжалиги ва енгил саноатдир.



«Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўзаро савдо айланмасини 10 миллиард долларга етказиш устида ишламоқда. Бугун бошланган лойиҳа ушбу мақсадга эришишга хизмат қилади ва икки мамлакат ўртасидаги ҳар томонлама стратегик ҳамкорликни янада мустаҳкамлайди», - деди А.Мамин.

Қозоғистон Ўзбекистоннинг Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида учта улгуржи ва тарқатиш марказларини очиш орқали Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида ягона савдо тизимини яратишга қизиқиш билдирмоқда.

Сўнгги хабарлар