Қозоғистон спортнинг 15 турини танлаб олади ва алоҳида ривожлантиради

None
None
NUR-SULTAN. Кazinform - Мамлакатда устувор спорт турлари рўйхати тузилди. Бу ҳақда Қозоғистон Маданият ва спорт вазирлиги спорт ва жисмоний тарбия қўмитаси раиси Самат Ерғалиев маълум қилди, дея хабар беради Кazinform мухбири.

«Спорт – ютуқ ва камчиликларимизни яшира олмайдиган соҳалардан бири. Натижалар оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилади ва жамоатчилик муҳокамасига киритилади. Хабарингиз бор, яқинда 2 та муҳим халқаро спорт тадбирлари бўлиб ўтди. Булар Токиодаги ёзги Олимпиада ва Пекиндаги қишки Олимпия ўйинлари. Қозоғистон терма жамоасининг бу ўйинлардаги натижалари омадли бўлмади. Бундан ташқари, Президентимиз топшириғига кўра, жорий йилнинг феврал ва март ойларида 6 та ҳудудда амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, бир қатор долзарб масалалар белгилаб олинди», — деди Самат Ерғалиев.

Унга кўра, мамлакатда 179 спорт тури аккредитациядан ўтган ва бу борада қатор ислоҳотлар амалга оширилган.

«Таҳлилларга кўра, уларнинг барчаси давлат бюджетидан молиялаштирилади. Бироқ, барча спорт турларини тўлиқ ривожлантириш мумкин эмас. Шу боис, миллий терма жамоаларнинг сўнгги 10 йил ичида Олимпиада ва Осиё ўйинларида эришган ютуқларини инобатга олган ҳолда вазирлик томонидан спортнинг устувор турлари рўйхати белгиланди», — деди у.

Шундай қилиб, вазирлик спортнинг 15 турига устувор аҳамият беради.

У бокс, оғир атлетика, сузиш, велоспорт, дзюдо, аёллар кураши, юнон-рум кураши, эркин кураш, таэквондо, биатлон, фигурали учиш, фристайл ва чанғи турларини ўз ичига олади.

«Аммо ушбу 15 спорт туридан 6-7 тасигина Олимпиада ва жаҳон чемпионатларида яхши натижаларга эришмоқда. Келгусида юқоридаги спорт турлари бўйича ҳудудлар фаолиятини баҳолаш тизими ишлаб чиқилади. Ушбу спорт турларини ривожлантиришга спорт олимлари, малакали мутахассисларни жалб қиламиз», - деди қўмита раҳбари.

Муаллиф: Али Ибраев


Сўнгги хабарлар