Қозоғистон Миллий банки тезкор тўловлар ва пул ўтказмалари тизимини ишга туширди

None
None
NUR-SULTAN. Kazinform - Қозоғистон Миллий банки 24/7 режимида ҳар хил банкларнинг мижозлари ўртасида тезкор пул ўтказмалари ва тўловларни амалга ошириш учун лаҳзали тўлов тизимининг модернизация қилинган платформасини (кейинги ўринларда – ЛТТ) тижорат мақсадларида фойдаланишга топширди, деб хабар бермоқда Кazinform молия институти матбуот хизматига таяниб.

«Тизим молиявий хизматлар истеъмолчиларига хизмат кўрсатувчи банкдан қатъи назар, тўлов воситаларидан фойдаланган ҳолда қулай ва содда онлайн тўлов хизматини тақдим этиш мақсадида ишлаб чиқилган. Тизимнинг функционаллиги мобил телефон рақамидан фойдаланган ҳолда пул ўтказмаларини ва турли банклар мижозлари ўртасида QR-код ёрдамида тўловларни амалга ошириш имконини беради. ЛТТ молия институтлари томонидан тақдим этилаётган рақамли хизматлар кўламини ривожлантириш ва кенгайтириш учун асос бўлади.

Хизматларни ишга тушириш икки босқичда амалга оширилади:

- биринчи босқич - жисмоний шахсларнинг телефон рақами бўйича ўтказмалари (P2P ўтказмалари);

- иккинчи босқич - QR-код орқали нақд пулсиз тўловлар (QR- коднинг миллий стандартига мувофиқ) ва савдо ташкилотлари фойдасига янги тўлов стсенарийларини, шу жумладан сўров бўйича тўловларни амалга ошириш.

Қозоғистон Республикаси Миллий банки матбуот хизматида айтилишича, мижозларга хизмат кўрсатувчи банк томонидан хизматлар мавжудлиги тўғрисида хабар берилади.

Телефон рақами бўйича пул ўтказмаларини амалга ошириш учун пул жўнатувчининг ЛТТда иштирок этувчи банкининг мобил иловасига олувчининг мобил телефон рақамини киритиши, ўтказма суммасини ва олувчининг банкини кўрсатиши кифоя қилади. Ўтказма бошлангандан сўнг, олувчининг банкдаги ҳисоб рақамига пул ўтказиш - ЛТТ аъзоси учун бир зумда содир бўлади. Банклар ўз мижозларига P2P ўтказма хизматлари учун ўз тарифларини белгилайдилар.

Бугунги кунга қадар тўққизта иккинчи даражали банклар ЛТТда иштирок этиш бўйича шартномалар туздилар, улардан тўртта банк ўз мижозларига ЛТТдан фойдаланиш имкониятини очди, бешта банк эса уланиш босқичида. Янги хизмат ушбу банкларнинг мобил иловаларида ички жараёнлар созланиши натижасида пайдо бўлади, деб хабар қилди Миллий банк матбуот хизмати.

Қозоғистоннинг бошқа банкларини ЛТТга босқичма-босқич улаш келишилган жадвални ҳисобга олган ҳолда режалаштирилган.


Сўнгги хабарлар