Kazinform ўзбекча ахборот тарқатиши икки давлат сиёсати тўғрилигини кўрсатади – Р. Холмуродов

None
None
НУР-СУЛТОН. Kazinform – Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг янада мустаҳкамланиб бораётган дўстлик ва аҳил қўшничилик алоқаларининг амалдаги ифодаси Kazinform халқаро ахборот агентлигининг ўзбек таҳририятининг очилиши бўлди. Бу ҳақда агентлик мухбирига берган суҳбатида таниқли давлат арбоби, Туркистон вилоятининг фаҳрий фуқароси Розақул Холмуродов айтиб берди.

- Розақул ака, қозоқ ва ўзбек халқлари ўртасидаги алоқаларга қандай тарихий баҳо берардингиз?

- Энг аввало, бизлар азалдан бир дарёдан сув ичиб келган халқлармиз. Мозоримиз ҳам, бозоримиз ҳам бирга. Қозоқ ва ўзбек халқининг урф-одатлари, маданияти, тили, дини бир, тарихи умумий, азалдан борди-келдиси узилмаган қардошмиз. Шу дўстликни боболаримиз ҳам ардоқлаб келишган, ана шу қалин қардошлик ёзувчи-шоирларимизнинг ижодига ҳам илҳом берган. Ўзбекистон халқ шоири Миртемирнинг:

Қалиним, жигарим, кўзда қароғим,

Олатов бошида гавҳар чироғим,

Аждар кушандаси – олмос яроғим,

Жаҳонга бергусиз тўкин қазноғим.

Қардош қозоғим! – дея қалам битиши бежиз эмас. Шу каби, Асқар Тоқмағанбетов ўзбек ва қозоқ халқларининг қардошлигини «дарахтнинг бир сояси сеники, бир сояси меники» деб эътироф этган, буюк Абай ўзбек халқининг меҳнаткашлигига алоҳида ҳурмат билан тилга олади. Ана шу қардошликни, дўстликни биз ҳам эъзозлаб, иложи борича мустаҳкамлашга кучимизни сарфлашимиз лозим.

- Бугунги кунда икки мамлакат ўртасидаги дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш мақсадида амалга оширилаётган ишларга қанчалик кўнглингиз тўлади?

- 2018 йилни Қозоғистонда Ўзбекистон йили, 2019 йилни Ўзбекистонда Қозоғистон йили деб номлаб, шунинг доирасида амалга оширилган ишлар жуда катта тарихий аҳамиятга эгадир. Шунинг натижасида яқинда Туркистон вилоятидаги ёзувчи-шоирларимизнинг меҳнати билан ўзбек халқ оғзаки ижоди намуналари тўпланиб, Тошкентда «Ҳай-ҳай ўлан, жон ўлан» деган ном билан китоб бўлиб нашр қилинди. Унинг тақдимот маросимида иштирок этган илм-фан ва маданият соҳаси вакиллари икки мамлакат ўртасидаги ўзаро маданий, спорт, сиёси алоқаларга катта баҳо бериб, уни янада кенгайтириш чора-тадбирлари айтилди. Мана, бирнеча кундирки Қозоғистон театрлари ўз спектакллари билан ўзбекистонлик санъат ихлосмандларини баҳраманд қилмоқда, қозоқ қўшиқчиларининг концертлари бўлиб ўтмоқда.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, йирик шаҳарлар ўртасида автобуслар қатновнинг йўлга қўйилиши, поезд қатнови яхшиланиши, парвозларнинг кўпайиши Ўзбекистон ва Қозоғистонни янада яқинлаштиради. Бундан ташқари, ўз автомобилинг билан қўшни давлатга бориш ҳозирда анча осонлашди. Шуларнинг барчасига Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Елбасы Нурсултон Назарбоев ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан эришилмоқда.

- Жорий тенденцияларни эътиборга олган ҳолда, Kazinform халқаро ахборот агентлиги Ўзбек таҳририятини очиш ҳақида қарорга келди...

- Жуда тўғри қарор. Бунинг фойдаси бўлмаса, зиёни бўлмаслиги аниқ. Сўнгги йиллардаги яқин алоқалар туфайли Ўзбекистон халқи Қозоғистондаги жараёнларга катта қизиқиш билан қараб келмоқда. Шу сабабли ҳам тезкор ва объектив ахборот тарқатиш бугунги кунда долзарб вазифалардан биридир. Агентлигингиз ўзбекча ахборот тарқата бошлаши дўстлигимизни мустаҳкамлашга жуда катта ижобий таъсир кўрсатади, айни пайтда икки давлат олиб бораётган сиёсатнинг тўғрилигининг амалдаги ифодаси бўлади деб ўйлайман.

- Сизнингча, икки давлат ўртасида яна қандай бирлашган лойиҳаларни амалга ошириш мумкин?

- Ҳозирда Ўзбекистонда Евроосиё иқтисодий иттифоқига қўшилиш ҳақида мунозаралар бормоқда. Шунингдек, Елбасы Нурсултон Назарбоев 2000 йиллардаёқ Марказий Осиё давлатлари интеграцияси ҳақида ташаббус билан чиққан эди. Сабаби, боболаримиздан қолган «Бойлик бойлик эмас, бирлик бойлик» деган нақл ҳамиша ҳаётий тамойилимиз бўлиши даркор. Агар Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқига кўшилса ёки Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиётларини бирлаштирса, катта бозорга эга бўлардик. Оддий бир мисол, Ўзбекистон ўттиз икки миллиондан зиёд аҳолига эга. Қозоғистон буғдойи учун бу катта бозордир. Шу каби, Ўзбекистон ҳам бизга керакли кўплаб товарларни ишлаб чиқаради. Иккита мамлакат иқтисодиёти ўртасидаги тўсиқларнинг олиб ташланиши барқарор ривожланиш учун замин яратишига ишонаман. Бундан ҳар иккала томон ҳам манфаатлидир.

- Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.

Сўнгги хабарлар