Kazinform ХАА сайтининг ўзбек тилидаги саҳифаси барча ўзбекистонликларни қувонтирди – ЎзА Бош директори

None
None
ТОШКЕНТ – НУР-СУЛТОН. Kazinform - Kazinform халқаро ахборот агентлиги сайтининг ўзбек тилидаги саҳифаси ишга тушиши барча ўзбекистонликларни қувонтирди. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Бош директори Абдусаид Кўчимов қозоғистонлик ҳамкорларига табрик йўллади.

***

Азалдан ёнма-ён яшаб келаётган ўзбек ва қозоқ халқлари бир-бирига яхши дамда йўлдош, ташвишли кунда елкадош, қувончга шерик, қайғуга ҳамдард бўлиб келган. Асрлар давомида икки юрт аҳли доимо бир-биридан хабар олиб, ҳол сўрашни канда қилмаган.

Замонлар силсиласида аждодларимиз ўз даврига хос алоқа воситаларидан фойдаланиб келишгани маълум. Қадимда бирор хабарни бошқа жойга етказишда отлардан фойдаланилган бўлса, мактуб-номаларни кабутарлар манзилига етказган. Кейинчалик телеграф, телефон кашф қилиниб, кишилар мушкули осонлашган. XX аср охири XXI аср бошлари инсоният тарихига интернет юзага келган давр сифатида муҳрланади. Зеро, эндиликда дунёнинг бир бурчида туриб, «ўргимчак тўри» ёрдамида ер юзининг бошқа минтақасидаги одам билан бемалол гаплашавериши муаммо эмас.

Кейинги йилларда икки давлат раҳбарларининг хоҳиш-иродаси, қатъий саъй-ҳаракатлари билан Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги яқин қўшничилик, дўстлик алоқалари янада мустаҳкамланди, юқори даражага кўтарилди. Барча жабҳаларда акс этаётган ўзаро илиқ муносабатлар ахборот соҳасида ҳам яққол намоён бўлмоқда. Табиийки, маълумот алмашиш, мулоқотга киришиш осонлашгани сайин инсоннинг ахборотга эҳтиёжи ҳам ортиб бормоқда. Шу маънода, бугунги кун талабидан келиб чиқиб, ўтган йили Ўзбекистонда кенг нишонланган Қозоғистон йили доирасида Миллий ахборот агентлиги – ЎзА веб-сайтида бир неча тиллар қатори қардош қозоқ тилида ҳам материаллар бериш йўлга қўйилган эди. Бу яқин биродарларимизнинг Ўзбекистондаги воқеаларга катта қизиқиши, ўзгариш ва ислоҳотлардан бохабар бўлиш истагини инобатга олган ҳолда амалга оширилди.

Ўзбек халқида хайрли ишнинг қаноти бор, деган нақл бор. Қозоғистон Республикаси Kazinform халқаро ахборот агентлиги сайтининг ўзбек тилидаги саҳифаси ишга тушиши юқорида келтирилган ҳаётий фалсафанинг амалдаги яна бир исботи, дейиш мумкин. Ушбу хушхабар барча ўзбекистонликларни, айниқса, зиёлиларни беҳад қувонтирди.

Шундай тарихий кунда яқин ҳамкоримиз – Kazinform халқаро ахборот агентлиги жамоасига ўзбек тилида ҳам тезкор, холис, сермазмун ахборот тарқатишдек шарафли ва масъулиятли ишда улкан муваффақиятлар тилаб қоламиз.

Сўнгги хабарлар