Қасим-Жомарт Тоқаев Қирғизистон ташқи ишлар вазирини қабул қилди

None
None
NUR-SULTAN. Kazinform – ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Қирғиз Республикаси ташқи ишлар вазири Руслан Казакбаевни қабул қилди, деб хабар беради Ақорда.

Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистонга амалий ташриф билан келган Қирғиз Республикаси ташқи ишлар вазири Руслан Казакбаевни қабул қилди.

Президент икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик даражасига юқори баҳо берди.

- Қозоғистон ва Қирғизистон энг яқин мамлакатлардир. Бизни ажратиб турадиган ҳеч нарса йўқ, аксинча, мамлакатларимизни бирлаштирадиган кўплаб омиллар мавжуд. Қозоғистон учун Қирғизистон ишончли иттифоқчи, муҳим стратегик шерик ва қардош мамлакатдир, - деди Қасим-Жомарт Тоқаев.



Президент Қозоғистон Қирғизистондаги воқеаларни диққат билан кузатиб боришини ва уни Қирғизистоннинг ички иши деб билишини таъкидлади.

- Бизни биродар Қирғизистоннинг келажаги ташвишга солмоқда. Шунинг учун биз Қирғизистонга ёрдам бериш учун барча имкониятларни кўриб чиқамиз. Икки давлат ўртасидаги муносабатларни аввалги келишувлар асосида ривожлантиришда давом этамиз, - деди Президент.



Руслан Казакбаев, ўз навбатида, Қасим-Жомарт Тоқаевга Қирғизистондаги қийин даврда қўллаб-қувватлагани учун, коронавирус пандемияси пайтида инсонпарварлик ёрдами учун миннатдорчилик билдирди.

- Ташрифимнинг асосий мақсади мамлакатда давом этаётган ички сиёсий ўзгаришларга қарамай қардош Қозоғистонга нисбатан ташқи сиёсатимиз ўзгармаслигини аниқ билдиришдир. Қирғиз Республикаси қардош қозоқ миллати билан яхши муносабатларни ҳар доим ҳурмат қилган ва бундан кейин ҳам ҳурмат қилади. Мамлакатнинг янги раҳбарияти икки биродар мамлакатнинг туб манфаатларига жавоб берадиган барча соҳаларда қирғиз-қозоқ алоқаларини янада мустаҳкамлаш ва кенгайтириш ниятида, - деди Қирғизистон ташқи ишлар вазири.



Вазир билан учрашувда Президент сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт-транзит ва сув-энергетика соҳаларидаги ҳамкорликни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратди.



Сўнгги хабарлар