Қасим-Жомарт Тоқаев қатор давлатлар элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилди

None
None
NUR-SULTAN. Kazinform – Бешта давлатнинг Қозоғистондаги фавқулодда ва мухтор элчилари Ақорда қароргоҳида ҚР Президентига ишонч ёрлиқларини топширди, дея хабар беради Kazinform Ақордага таяниб.


Ишонч ёрлиқларини Вьетнам элчиси Тхай Нии Май Фам, Португалия элчиси Мария де Фатима Велез де Андраде Мендеш, Арманистон элчиси Армен Гевондян, Чили элчиси Эдуардо Эксобар Марин, Янги Зеландия элчиси Сара Мари Уолш топширди.



Давлат раҳбари элчиларни Қозоғистондаги дипломатик миссияларининг расман бошлангани билан табриклаб, мамлакатдаги олижаноб миссиясини бажаришда Қозоғистон Президенти Администрацияси ва ҳукумати томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши ва ёрдам беришини таъкидлади.



Қозоғистон Президенти Вьетнам билан яқин ҳамкорликни ривожлантириш Қозоғистоннинг Осиё-Тинч океани минтақасига, жумладан, Жануби-Шарқий Осиё давлатлари уюшмасига (АСЕАН) нисбатан ташқи сиёсатининг ажралмас қисми эканлигини таъкидлади.

«Қозоғистон Ветнам билан сиёсий мулоқот ва савдо ва сармоявий алоқаларни кенгайтиришдан манфаатдор. Ўйлайманки, Ветнам Президентининг Қозоғистонга давлат ташрифи икки томонлама ҳамкорликнинг узоқ муддатли комплекс йўл харитасини ишлаб чиқиш имконини беради. Умид қиламизки, унинг ташрифи Осиёда ўзаро ҳамкорлик ва ишонч чоралари кенгашининг пойтахтимизда бўлиб ўтадиган саммитига тўғри келади», — деди Президент.

Қасим-Жомарт Тоқаев Португалияни Қозоғистоннинг Европа Иттифоқидаги ишончли ҳамкори деб билишини айтди.

«Транспорт-логистика, қишлоқ хўжалиги, энергетика, қайта тикланадиган энергия манбалари, янги технологиялар, маданият ва туризм соҳаларида ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун етарли салоҳият мавжуд. Бу борадаги ҳамкорликни ривожлантириш Португалия Президентининг Қозоғистонга расмий ташрифини ташкил этиш учун яхши асос бўлади», — деди Президент.



Қозоғистон Президенти мамлакат МДҲдаги асосий шериклардан бири бўлган Арманистон билан узоқ муддатли ҳамкорликка катта аҳамият беришини таъкидлади.

«Икки томонлама муносабатларимиз чуқур тарихий ришталарга асосланади. Ишончим комилки, Жанубий Кавказнинг стратегик муҳим минтақасида барқарорлик ва тинчлик фаровонлиги кўп қиррали икки ва кўп томонлама шериклигимизни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади», — деди Президент.

Президент Чили билан икки томонлама ҳамкорлик ривожланиб бораётганидан мамнунлигини билдириб, уни янги босқичга кўтариш истиқболларига эътибор қаратди.

«Биз Чилининг мис гиганти бўлмиш CODELCO компаниясининг Қозоғистон компаниялари билан стратегик ҳамкорликни йўлга қўйиш қарорини олқишлаймиз», — деди Президент.

Қасим-Жомарт Тоқаев Янги Зеландия билан икки томонлама муносабатларга тўхталар экан, бу муносабатлар ўзаро ишонч ва мустаҳкам дўстликка асосланганини таъкидлади.

«Қозоғистон Янги Зеландия ҳукумати билан ҳамкорлик қилишдан, умумий транспорт тизими ва иқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш учун ўзаро савдо ва сармояни кенгайтиришдан манфаатдор», — деди Президент.

Учрашув якунида Президент дипломатларга муваффақият тилади ва уларнинг мамлакатлари раҳбарларига самимий саломлар йўллади.







Сўнгги хабарлар