Қасим-Жомарт Тоқаев Хитой Ташқи ишлар вазирини қабул қилди

None
None
NUR-SULTAN. Kazinform – Президент Қасим-Жомарт Тоқаев Хитой Давлат кенгаши аъзоси, ташқи ишлар вазирини қабул қилди, дея хабар беради Kazinform Ақорда расмий сайтига таяниб.

Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистонга расмий ташриф билан келган Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши аъзоси, Ташқи ишлар вазири Ван Ини қабул қилди.

Суҳбат чоғида Қозоғистон ва Хитой ўртасидаги узоқ муддатли, ҳар томонлама стратегик шерикликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, шунингдек, халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Президент 30 йиллик стратегик шериклик даражасини юқори баҳолаб, Қозоғистон ва Хитой ҳар томонлама икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш тарафдори эканини таъкидлади.

Президент ХХР Раиси Си Цзинпиннинг жорий йил кузда Қозоғистонга давлат ташрифи икки томонлама муносабатлар ривожига янги суръат бағишлашига умид билдирди.

«Бу йил жуда муҳим. Қозоғистон ва Хитой ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йил тўлди. Хитойда Коммунистик партиянинг ХХ қурултойини ўтказиш режалаштирилган. Бўлажак олий даражадаги музокаралар стратегик ҳамкорлигимиз йилномасига алоҳида воқеа сифатида ёзилади», — деди Президент.

Қасим-Жомарт Тоқаев ҳам хитойлик ҳамкасбига салом йўллаб, уни Хитой раислигида бўлиб ўтадиган юқори даражадаги «БРИКС плюс» онлайн мулоқотида иштирок этишга таклиф қилгани учун миннатдорчилик билдирди. Онлайн мулоқот янги даврда ривожланиш учун глобал ҳамкорликни йўлга қўйиш мавзусига бағишланган.

Қасим-Жомарт Тоқаев Хитой раҳбарининг глобал хавфсизлик ва тараққиёт соҳасидаги ташаббусини қўллаб-қувватлашини билдирди. Унинг тўлиқ амалга оширилиши глобал хавфсизлик ва ишончсизликдаги бўшлиқларни тўлдиради, шунингдек, БМТнинг 2030 йилгача Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишга хизмат қилади.

Ван И Қасим-Жомарт Тоқаевга Си Цзинпиннинг саломини етказиб, мамлакатда умумхалқ референдуми муваффақиятли ўтгани билан табриклади.

«Референдум якунлари мамлакат фуқаролари Сизнинг раҳбарлигингизда мамлакатни ҳар томонлама модернизация қилиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларни тўлиқ қўллаб-қувватлашини кўрсатди. Бу янги Қозоғистонни яратиш учун жуда муҳим, қолаверса, мамлакатнинг келажакдаги ривожланиши учун мустаҳкам пойдевордир», - деди Хитой Давлат кенгаши аъзоси.

Хитой вазири икки давлат раҳбарларининг оқилона раҳбарлиги туфайли Хитой ва Қозоғистон ўртасидаги икки томонлама муносабатлар ҳаётий аҳамият касб этишини таъкидлади.

«Президент Си Цзинпин сизнинг шахсий дўстлигингиз ва ўзаро ишончингизни юксак қадрлайди. Янги Қозоғистонни барпо этиш ташаббусингиз сизнинг донолигингиз ва жасоратингиздан далолат беради. Биз сизнинг ташаббусларингиз муваффақиятли амалга оширилишини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз», — деди Ван И.

Суҳбат чоғида Қасим-Жомарт Тоқаев ва Ван И минтақавий ва глобал кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашди. Улар халқаро майдонда, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари кенгаши, Ислом ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги ҳамкорликни давом эттириш ниятида эканликларини билдирдилар.

Сўнгги хабарлар