Британия платформасида Қозоғистоннинг ядровий қуролсизланишининг сиёсий жиҳатлари муҳокама қилинди

None
None
NUR-SULTAN. Kazinform - Британия-Қозоғистон жамияти платформасида Қозоғистон ядровий қуролсизланишининг сиёсий жиҳатлари бўйича вебинар бўлиб ўтди. Учрашув Қозоғистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган бир қатор тадбирлар доирасида ўтказилди.

Тадбир модератори Британия-Қозоғистон жамияти раиси Руперт Гудмандир. У АҚШнинг собиқ сенатори Сэм Нанн ва Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсоннинг табрик мактубларини топширди. Сенатор С. Нанн ўз мактубида Қозоғистоннинг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоевнинг Семей полигонини ёпиш ҳақидаги дадил қарорини ва ядровий қуролни тарқатмаслик ҳамда ядровий хавфсизлик соҳасидаги бошқа ташаббусларини эслади. Буюк Британия Бош вазири Қозоғистон мустақилликнинг 30 йилида сезиларли ютуқларга эришганини қайд этиб, икки томонлама муносабатларнинг янада ривожланишига ишонч билдирди.

Қозоғистоннинг Буюк Британиядаги Элчиси Ерлан Идирисов ўз нутқида Семей полигонини ёпиш ҳақидаги қарорни эслатди. Биринчи Президент Нурсултон Назарбоев халқ фикрига асосланиб, СССР ҳарбий қўмондонлиги позициясига зид бўлган дадил қадам ташлади. Бу ташаббус Қозоғистоннинг жаҳон антиядровий ҳаракатининг етакчиси сифатида ҳозирги қиёфасини шакллантирди. Президент Қасим-Жомарт Тоқаев глобал ядровий қуролсизланишни қўллаб-қувватлаш бўйича изчил сиёсатини давом эттирмоқда.

Иккинчи асосий маърузачи Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ) ҳузуридаги Буюк Британиянинг собиқ доимий вакили Питер Женкинс эди. У ядровий қуролсизланиш соҳасидаги ҳозирги глобал вазиятни чуқур таҳлил қилиб, бугунги кунда ядро қуролига эга бўлган давлатлар ядровий қуролларини кенгайтириш ва модернизация қилишни давом эттираётганини, шунингдек, ядровий қуролланиш пойгасининг мумкин бўлган янги босқичи аломатларини қайд этди.

Р. Гудман тадбирни якунлар экан, халқаро хавфсизлик, тинчлик ва фаровонликни сақлашда ҳукуматлар ва экспертлар ўртасидаги Қозоғистон-Британия мулоқотини қўллаб-қувватлаш муҳимлигини таъкидлади.

Яқин келажакда Британия-Қозоғистон жамияти Қозоғистоннинг ядровий қуролсизланишининг техник жиҳатлари бўйича навбатдаги вебинар ўтказишни режалаштирмоқда.


Сўнгги хабарлар