БМТ Ўзбекистон орқали Афғонистонга гуманитар ёрдам жўнатади
БМТнинг Қочқинлар масалалари бўйича бошқармаси вакили Бабар Балохнинг айтишича, юз минглаб ички қочқинларни қўллаб-қувватлаш учун Афғонистон билан чегарадош мамлакатларда логистика марказларини ташкил этиш устида ишламоқда.
«Яқин келажакда Қочқинлар масалалари бўйича бошқармаси Ўзбекистоннинг Термиз шаҳрига гуманитар ёрдами юкланган учта самолётни юборади. Сўнгра «Хайратон» чегара пункти орқали Мозори-Шарифга етказилади. Биринчи самолёт октябр ойининг ўрталарида Термизга етиб келади», - деди БМТ вакили.
Унинг сўзларига кўра, қўллаб-қувватлашга муҳтож афғонистонликлар сони 20 миллион кишига етган ва ҳар куни ўсиб бормоқда. Ҳозирги вақтда афғон оилаларининг атиги 5 фоизи озиқ-овқат билан таъминланган, Афғонистонда 5 ёшгача бўлган болаларнинг ярмидан кўпи тўйиб овқатланмаган.
Муаллиф: Мадибек Жанибеков