Асқар Умаров: Президент ёшлар кадр резервига саралаш очиқлик билан ўтказилди

None
None
NUR-SULTAN. Kazinform – Президент ёшлар кадр резервига саралаш очиқлик билан ўтказилди. Бу ҳақда Ёшлар кадр резерви бўйича Экспертлар комиссиясида назоратчи сифатида иштирок этган «Kazinform» ХАА Бош директорқ Асқар Умаров маълум қилди.

«Яқинда Президент ёшлар кадр резервига саралаш якуний босқичи бўлиб ўтди. Унда Экспертлар комиссияси таркибида назоратчи сифатижа иштирок этдим. Шунингдек, Марат Башимов, Артур Платонов, Данияр Ашимбаев ва бошқа таниқли экспертлар, жамоат арбоблари ҳам назоратчи бўлишди. Комиссия таркиби ҚР Президенти Администрацияси, Давлат хизмати агентлиги, шунингдек академик муҳит вакилларидан ташкил топди. Саралаш рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда, очиқлик асосида ўтказилди. Комиссиянинг ҳар бир аъзоси ўзларига берилган планшетдан номзодларга овоз беришди. Шу ўринда ташкилий ишларга Давлат хизмати агентлиги томонидан пухта тайёргарлик кўрилганини эътироф этиш жоиз. Саралашда ўта фаол, теран билимли ёшлар иштирок этишди. Бу комиссия аъзоларига уларга баҳо беришда катта қийинчиликлар туғдирди. Шунга қарамасдан, менимча, комиссия энг яхши номзодларни танлай олди. Жами 330 нафар ёшлар сараланган, шундан 300 нафарини Президент ёшлар кадр резервига киритиш таклиф қилинади. Резервга киритилганлар кейинчалик юртимиздаги давлат хизмати соҳасини янгилаш ва кучайтириш йўлида хизмат қилади», - деди А.Умаров.

Унинг айтишича, комиссия икки ҳафта давомида 9:00дан 19:00гача қимирламасдан ўтириб ишлади. Ҳарбир номзодга тахминан 7 дақиқа ажратилди. Шу вақт давомида комиссия аъзолари савол йўллаб, олинган жавоблар бўйича қарор қабул қилди ва уни планшет орқали белгилаб борди.

Таъкидлаш жоизки, ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев сайловолди дастурида Президент ёшлар кадр резервини шакллантириш, малакали раҳбарларнинг янги авлодини шакллантириш ва ёшлар учун самарали ижтимоий лифт тизимини яратиш лозимлигини қайд этиб ўтганди.

Резервга саралаш ишида давлат хизматчилари, квазидавлат сектор, хусусий сектор ва фуқаролик жамияти вакиллари иштирок этишди. Номзодларни рўйхатга олиш 1-30 сентябрь оралиғида олиб борилди. Асосий талаб бўйича, олий маълумотли, умумий иш стажи 5 йилдан кам бўлмаган, 35 ёшдан ошмаган Қозоғистон Республикаси фуқаролари ўз номзодини қўйишди.

Саралаш: ҳужжатларни қабул қилиш; номзодларнинг мураккаб матн ва рақамли ахборотлар билан ишлаш имкониятларини аниқлаш тести; номзодларнинг салоҳиятини, етакчилик қобилиятини, стратегик ўйлаш даражасини, мотивация ва қадриятларини ўрганиш; Экспертлар комиссиясида суҳбат каби босқичларда ўтказилди.

Эслатиб ўтамиз, бугун Марказий коммуникациялар хизматида бўлиб ўтган матбуот анжуманида ҚР Президенти Администрацияси раҳбарининг биринчи ўринбосари Маулен Ашимбаев 300 нафар Президент ёшлар кадр резервига олинганлар тизими эълон қилинганини маълум қилганди.

Ғолибларнинг тўлиқ рўйхати билан Президент ёшлар кадр резерви расмий сайтида танишиш мумкин.

Муаллиф: Қанат Маметқазиўғли

Сўнгги хабарлар