Ахборот маконида ўзбек тилида расмий манбалардан хабардор бўлиш имконияти кенгаяди

None
None
НАВОИЙ – НУР-СУЛТОН. Kazinform – Kazinform халқаро ахборот агентлигининг ўзбек таҳририяти очилиши халқаро экспертлар томонидан илиқ қабул қилинди. Ўзбекистоннинг Навоий вилоятидаги «Кенимех таңы» газетасининг муҳаррири Гулдана Наринбетованинг таъкидлашича, энди ахборот маконида ўзбек тилда расмий манбалардан хабардор бўлиш имконияти кенгайди.

«Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасида қарор топган ишонч руҳидаги ҳамкорлик, тинчликпарвар сиёсатнинг замирида, аввало, кўпмиллатли халқларимизнинг ўзаро ҳурмат ва дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга қаратилаётган эътибор мужассамдир. Мамлакатларимизнинг ҳар бир ҳудудида, маҳалла ва овулларида турли миллат вакилларининг тинч ва тотув истиқомат қилаётгани, ягона Ватан тушунчасининг қалбларда ҳукмрон эканини таъкидлаш ўринли», - дейди Г.Наринбетова.

Унинг фикрича, қозоқ ва ўзбек халқи доим бирдамликда яшаб келган, бундан кейин ҳам шундай бўлишига шубҳа йўқ.

«Ўзбекистон Республикасининг биргина Навоий вилояти, худуднинг Учқудуқ, Томди, Конимех, Нурота туманлари ҳамда Зарафшон шаҳрида 50 минг нафардан ортиқ қозоқ миллатига мансуб аҳоли яшаб келмоқда. Қозоқ тилида сўзлашувчилар вилоятда 100 минг нафарга етади», - деди у.

Спикер 2018 йил Ўзбекистонда Қозоғистон йили доирасида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг қозоқ тили версияси ишга тушганини алоҳида қувонч билан қарши олганлигини яширмади.

«Бундан қозоқ миллати вакили сифатида беҳад қувонгандим. Бугун эса ушбу хурсандчилик тўйга айланди – Қозоғистоннинг Kazinform халқаро ахборот агентлиги ўз сайтининг ўзбек тилидаги версиясини ишга тушурди», - дея таъкидлади муҳаррир.

Унинг айтишича, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА ҳамда Қозоғистон Республикасининг Kazinform халқаро ахборот агентлиги ўртасидаги мустаҳкам алоқалар мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ахборот алмашиш соҳасида ҳам ривож топаётганига яққол мисолдир.

«Kazinform агентлиги сайтида ўзбек тилида ҳам ахборот тарқатишнинг йўлга қўйилгани сабаб, эндиликда, халқаро ахборот маконида ўзбек тилида расмий манбалардан хабардор бўлиш имконияти янада кенгайди. Ана шундай масъулиятли вазифани зиммасига олган қозоғистонлик журналистларга ўз миннатдорлигим ва чексиз ҳурматимни билдириб қоламан», - дея илтифот билдириб ўтди Г.Наринбетова.

Сўнгги хабарлар