Абдуқодир Тошқулов: Ўзбекистон Марказий Осиё ягона таълим маконидан манфаатдор

None
None
TASHKENT. Kazinform - Ўзбекистон минтақа мамлакатлари таълим тизимларининг энг кучли томонларини бирлаштирадиган Марказий Осиё таълим маконини бирлаштиришдан манфаатдор. Бу фикрни Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов «Марказий Осиё олий таълим соҳаси: минтақавий ҳамкорлик, миллий ислоҳотлар» халқаро форумидаги иштироки якунлари бўйича Kazinform мухбирига берган суҳбатида билдирди.

Ўзбекистонлик вазир Туркистонда бўлиб ўтган олий таълим соҳасида ягона Марказий Осиё маконини яратиш жараёнини бошлаб берган халқаро форум натижаларини юқори баҳолади.

«Томонлар бутун Марказий Осиё бўйлаб олий ўқув юртларининг илмий, интеллектуал ва ижодий салоҳиятини бирлаштиришга келишиб олдилар. Шу билан бирга, томонлар Болония жараёни принципига мувофиқ келгусидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш ниятларини билдирдилар. Бунинг учун бизда барча зарур шароитлар мавжуд деб ўйлайман. Академик ҳаракатчанлик Болония жараёнининг устувор мақсади ва механизмларидан биридир. Бизнинг талабаларимиз ва тадқиқотчиларимиз учун мобил тажриба маданий ўзаро боғлиқлиги, кенг ва очиқ уфқлари, бағрикенглик ва мослашувчанлик қобилиятлари учун катализаторга айланади. Яъни, биз улар учун минтақавий тармоқлар орқали глобал таълим тенденцияларига қўшилишлари учун ажойиб маконни яратмоқдамиз», - деди А. Тошқулов.

Унинг сўзларига кўра, Болоня тажрибаси бир неча бор қўшма таълим дастури унинг индивидуал таркибий қисмларига қараганда интеллектуал жиҳатдан қимматроқ бўлиши мумкинлигини кўрсатди. Шунинг учун янги бирлаштирилган академик дастурларни яратиш доимий равишда ўзгариб турадиган меҳнат бозори талабларига жавоб беради.

«Ўзбекистон Марказий Осиё таълим маконини бирлаштиришдан манфаатдор, бу мамлакатларимиз таълим тизимларининг энг кучли томонларини бирлаштиради. Шундай қилиб, Ўзбекистоннинг таълим тизими учун ва Болоня жараёнининг 47-иштирокчиси бўлган ва Марказий Осиё минтақасидан ушбу жараёнга биринчи бўлиб кирган давлат Қозоғистон тажрибасини ўрганиш катта фойда келтиради. Бир неча йилдирки, Қозоғистондаги университетлар ўқув юкллламасини ўтказишда ESTC дан фойдаланмоқдалар, бу эса мамлакатнинг бутун таълим тизимини концептуал равишда қайта қуриш орқали амалга оширилди. Мамлакатимиздаги 60 дан ортиқ олий ўқув юртлари икки дипломли мутахассислар тайёрлашни бошлаганини инобатга олган ҳолда, олий таълим тизимини кенг кўламли модернизация қилишни амалга ошираётган Ўзбекистон тажрибаси Қозоғистон учун фойдали бўлади деб ўйлайман. Шу билан бирга, чет эллик талабаларни, айниқса Марказий Осиё мамлакатларидан Ўзбекистондаги олий ўқув юртларига қабул имтиҳонларсиз, фақат уларнинг касбий қизиқишларини суҳбат орқали аниқлаш асосида амалга оширилади. Ушбу мақсадлар учун ҳозирги кунда университетларда ўқитиш ўзбек тилида ҳам, рус, қозоқ, қорақалпоқ ва тожик тилларида ҳам олиб борилмоқда», - дея таъкидлади Абдуқодир Тошқулов.

Яна бир муҳим жиҳат сифатида у малака ва ҳужжатларни ўзаро тан олиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни институционализация қилиш тўғрисидаги битимни имзолашга чақирди.

«Биз Қозоғистонда ёки Марказий Осиёнинг бошқа бирон бир давлатида таҳсил олган ўзбекистонлик талаба учун ҳужжатларини танишнинг соддалаштирилган тартибидан ўтиши ва келажакда меҳнат бозорида ўзининг муносиб ўрнини топиши учун барча зарур шароитларни яратиб берамиз», - вазир деди.

Абдуқодир Тошқулов Марказий Осиё мамлакатлари олий таълим тизимини уйғунлаштиришга қаратилган мавжуд келишувларни самарали амалга ошириш бўйича аниқ таклифларни билдирди.

«Олий таълим тизимини янада диверсификация қилиш, институционал шерикликнинг тобора янги ва ноанъанавий моделларини яратиш бўйича тизимли даражада ишлаш зарур. Қардош университетлар ўртасида, айниқса, чегараолди ҳудудларда инновацион шериклик моделларини яратиш муҳимдир, бу шубҳасиз ҳудудларнинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш, билим ва технологиялар алмашинуви омилларига айланади. Таълим жараёнининг асосий йўналишини Марказий Осиёда кенгайиб бораётган меҳнат бозори эҳтиёжларига йўналтириш лозим. Биргаликда ўқув жараёнига қатнашиш учун иш берувчиларни жалб қилиш ва унинг сифатини баҳолаш амалиётини такомиллаштириш муҳимдир. Билимлар иқтисодиёти даврида бизга ҳаётий талабларга жавоб берадиган таълим ва ишлаб чиқариш конгломератлари, инвесторларнинг қизиқиши учун қандайдир Марказий Осиё «кремний водийлари« керак. Бизга Марказий Осиёнинг қўшма бизнес-инкубаторлари ва технопарклари, технологияларни узатиш ва тижоратлаштириш марказлари керак», - дея хулоса қилди вазир.

Суҳбат якунида Абдуқодир Тошқулов Марказий Осиёдаги олий таълим тизимларини уйғунлаштириш дунёнинг энг ёш минтақаларидан бирида янада чуқурроқ иқтисодий интеграция учун динамик туртки бўлишига умид билдирди. Инновацион фикрлаш ва илмий изланишларни рағбатлантириш асосан Марказий Осиё давлатларининг иқтисодий рақобатбардошлигини белгилайди.

Муаллиф: Мадибек Жанибеков

Сўнгги хабарлар